Кириш Регистрация
18/04 00:00 Бавария 1-0 Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити 1-1 Реал Мадрид
18/04 00:00 Бавария 1-0 Арсенал
18/04 00:00 Манчестер Сити 1-1 Реал Мадрид
18/04 12:00 Тожикистон 2-0 Жанубий Корея
18/04 14:00 Эрон 3-1 Афғонистон
18/04 16:00 Япония 2-3 Қирғизистон
18/04 18:00 Индонезия 1-0 Австралия
18/04 19:00 Кувайт 2-1 Баҳрайн
18/04 20:30 Иордания 1-2 Қатар
19/04 12:00 Хитой 0-1 Вьетнам
19/04 14:00 Австралия 2-4 Саудия Арабистони
19/04 16:00 Мьянма 0-5 Таиланд
19/04 18:00 Хитой 0-2 Жанубий Корея
19/04 19:00 Ироқ 1-4 Ўзбекистон
19/04 20:30 БАА - Япония
19/04 20:30 Таиланд - Саудия Арабистони
19/04 21:30 Женоа - Лацио
19/04 23:00 Тожикистон - Ироқ
19/04 23:45 Кальяри - Ювентус
20/04 00:00 Ницца - Лорьян
20/04 00:00 Атлетик Бильбао - Гранада
20/04 05:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
20/04 12:00 Қирғизистон - Тожикистон
20/04 14:00 Афғонистон - Кувайт
20/04 16:00 Жанубий Корея - Япония
20/04 17:00 Сельта - Лас-Пальмас
20/04 18:00 Малайзия - Вьетнам
20/04 19:00 Лутон - Брентфорд
20/04 19:00 Шеффилд Юнайтед - Бёрнли
20/04 19:00 Баҳрайн - Эрон
20/04 19:15 Райо Вальекано - Осасуна
20/04 20:00 Нант - Ренн
20/04 20:30 Кувайт - Ўзбекистон
20/04 21:00 Эмполи - Наполи
20/04 21:30 Валенсия - Бетис
20/04 23:30 Вулверхэмптон - Арсенал
20/04 23:45 Верона - Удинезе
21/04 00:00 Ланс - Клермон
21/04 00:00 Жирона - Кадис

Блог

Шуҳрат Шокиржонов

Келажак футболи

Профессионаллик сари: Йилнинг энг яхшилари сўрови

Баҳо:
+0; -0

Бу сафар мақола мавзуси фавқулодда ўзгарди. Ўтган сонда ваъда қилинган мавзу кейинги сонига қола туради, рози бўласиз. Ушбу мақоланинг кутилмаганда битилишига «Йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийи» сўровномаси якунлари сабаб бўлди.

Ҳа, Одил Аҳмедов — сўзсиз, айни пайтдаги футболимизнинг энг ишонган тоғларидан бири. У ҳақли равишда юртимизда кетма-кет иккинчи бор энг яхши футболчи, деб эътироф этилмоқда. Бироқ у қай тарзда энг яхши, деб топилгани, сўровда совриндор бўлган термамизнинг бошқа футболчиларидан жуда катта фарқ билан ўзиб кетгани кўпчилик қатори менинг ҳам эътирозимга сабаб бўлмоқда. Гўёки соф натижа турган ягона манзилга тўғри ва текис йўллар туриб, эгри ва ўғринча сўқмоқдан юрилгандек таассурот пайдо бўлмоқда.

Мақоланинг ибтидосида сўровнома нега журналистлар ўртасида ўтказилишини эслатиб ўтсам. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 17 январда қабул қилинган ва Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришнинг ташкилий асослари ва принципларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 27-Қарорининг 8-бандида «йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчиси журналистлардан сўров йўли билан аниқланиши», белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, яхшиларни журналистлар аниқлаб беришади. Қатор йиллардан буён шундай эди. Бироқ «Пахтакор»-«Бунёдкор» зиддияти юзага келибдики, футбол журналистикаси соҳасида мутлақо нотаниш (ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир) инсонлар ҳам сўровга аралаша бошлашаётган эди. Бунисига чидаётгандик. Ахборот асри шарофати билан ёмғирдан кейинги қўзиқориндек пайдо бўлаётган интернет-сайтлари қаноти остида энди ФАНАТЛАР ҳам овоз беришни бошлашибди! Муборак бўлсин!!!

Фанат — ўз номи билан фанат. Уларни тушунса бўлади. Лекин кап-катта журналистларга, таҳририятларга нима бўляпти?!

Эътибор қилинг, ҳамкасбим Қаҳрамон Аслановнинг 2 йил аввал «Холислик сари» сарлавҳаси остида битилган мақоласида шундай сатрлар бор: «Футболимизда ИНТЕРФУТБОЛ деган жуда катта «держава» пайдо бўляпти экан. Ҳозир айтаман, хўш, бир, икки... уч.. ҳаммаси бўлиб 17 (!) журналист ушбу нашр қаноти остида овоз берган. Мен «Спорт мухлиси» ва «Заковат»нинг ҳам муассиси битта бўлгани учун бу рўйхатга қўшдим. Айтишларича, «Кино+ТВ» ҳам уларга тегишли экан, аниқ билмаганим учун қўшмадим. Қизиғи, бу «держава» роса аҳил экан, 17 журналистдан 16 нафари фақат Одил Аҳмедовни биринчи ўринга лойиқ кўрибди! Шунчалик бўлиши мумкинми?»

Бу йил «Интерфутбол» газетаси номидан 23 нафар журналист (бу деярли 20%) қатнашган ва уларнинг ҳам аксарияти Одил Аҳмедовга ўз овозларини раво кўришган. Кўрмаяпсизми!? Шунчалик бўлаверар экан!

Мухлислар эса Одил Аҳмедовга овоз берганлар яққол «пахтакорчи», Сервер Жепаровга овоз берганлар «бунёдкорчи» бўлиш билан бирга «албатта антипахтакорчи», деб аташдан чарчашмаяпти. Сайтларда форумларда дам у, дам бу журналистнинг устидан мағзава ағдарганини кўрганингизда эди!

Яна бир бор эслатиб ўтаман, гап Одилнинг ушбу совринга лойиқ-нолойиқлиги ҳақида эмас, асло. Шунчаки, овоз бериш тизимини ислоҳ қилишга фурсат етмадимикин?! Пичоқ бориб суякка қадалди, очиғи...

ЎФФ матбуот хизмати раҳбари Санжар Ризаев бу борада қандай таклифлар бўлса, жон қулоғи билан эшитишини, раҳбариятга етказишини билдириб ўтди. Шу боис, мухлисларга ўтган сонда ваъда қилинган мавзуни навбатга қўйиб, кутилмаган мавзуни олиб чиқишга мажбурман. Қарангки, бу мавзу ҳам «Профессионаллик сари» умумий сарлавҳаси остида чоп этилаётган мақолалар туркумига узукка кўз тушгандек ярашар экан.

Оғайнилар, ҳамкасблар, келинглар, шу борада ҳам профессионалроқ бўлайлик энди!

ҲОЗИР ҚАНДАЙ?

Келинг, амалдаги овоз йиғиш тизими қандай эканлигию унинг минус ва плюслари ҳақида суҳбатлашсак...

Йилнинг «Энг яхши мураббий»и ва «Энг яхши футболчи»сини аниқлаш учун овоз бериш жараёни бошлангани ЎФФ расмий сайтида эълон қилинади ва жараённинг якунланиш муддати ҳам билдирилади.

Ҳар бир журналист ўзи истаган, ўз наздида йил давомида яхши деб топилган уч нафардан футболчи ва мураббийни ўринлар тартибида жойлаштириб чиқади ва федерация матбуот хизматига тақдим этади. Бир қарашда оддий, содда ва қулай йўл. Агарда ўз танловига ҳамма виждонан ёндашса!

Ана шу «агар»и катта эътирозларга сабаб бўлмоқдаки, тизимни ўзгартириш заруриятини келтириб чиқармоқда. Кўпчилик ЎФФ матбуот хизматига эътироз билдиряпти. Санжар Ризаев баҳоли-қудрат ҳимояланмоқда. Унда ҳам айб йўқ. У ҳам ўрнашиб қолган анъана «машинаси»ни навбатдаги марта ишга туширди холос. Бу «машина»нинг мезони эса виждонга қараб иш тутишга асосланган эди. Фақат энди тизим аниқ эскиргани ойдинлашди-қолди.

Масалан, «Стадион» таҳририяти штатида 8 киши овоз берди. Таҳририятимизда кўплаб штатсиз мухбирлар ҳам фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг мақолаларини дам-бадам ўқиб турибсиз. Ораларида муттасил чиқиш қилаётганлари ҳам бор. Масалан, Рустам Сулаймонов. Биз штатда бўлмаган мухбирларимизга сўровномада қатнашиш имконини бермадик.

Юқорида тилга олганимдек, интернет-сайтлар номидан келган фамилиялар ичида фанатларга ҳам кўзимиз тушмоқда. Фанат билан журналистнинг фарқи борми-йўқми, ахир?! Унда ПФЛ ёки уфф.уз сайтида фанатлар ўртасида сўров ўтказиб қўяқолган дуруст эмасми?! Боз устига, фанатларимизда битта номзодни сўровномада «кўтариш» бўйича тажриба жуда катталашиб кетди.

Ёдингизда бўса, ўтган сонда фақат аккредитациядан ўтган журналистлар сўровда қатнашсин, деган фикрни илгари сурган эдим. Фикримдан қайтдим, ҳозирги нашрларимиз ичида фанатларга ҳам аккредитация олиб бероладиганлари ҳам бор экан!

Хуллас, гапираман деса гап кўп. Токи овоз бериш тизими кескин ислоҳ қилинмас экан, ҳар йили мана шундай ғавғолар исканжасида қолаверамиз, қолаверамиз.

Модомики, сўровнома Вазирлар Маҳкамасининг Қарори бўйича ташкил этилаётган экан, уни журналистлар ўртасида холис ўтказишга барчамиз масъулмиз. Бўлажак ислоҳот бўйича «Стадион» газетаси кенгашиб, қўйидагича таклифлар билдираман.

ТЎХТАБ ҚОЛГАН ТАШАББУС

«Чемпион» газетасида ишлаётганимда яхши бир ташаббус бўй кўрсатган эди: спортга оид оммавий ахборот воситалари биргалашиб, ойнинг энг яхши футболчиси ва мураббийини изчиллик билан аниқлаб боришаётган эди.

Бошланишига 15 га яқин оммавий ахборот воситалари ташаббусга «лаббай» деб жавоб бериб, ўз вариантларини тақдим этишди. Натижалар чиройли кўриниш олди ва барча нашрларда чоп этиб турилди...

Қарангки, ўшанда ҳам қюорида номи тилга олинган таҳририятининг «боши» ҳамманинг боши сиққан «ёқа»га сиғмаганди. Нашр муассиси газетанинг ҳам русча, ҳам ўзбекча вариантига, боз устига, ўзбекча вариантнинг сешанба ва жума сонларининг ҳар бирига алоҳида, таҳририят қошида чоп этилаётган спорт журнали журнали ҳамда сайти учун жами 5 та (!) овоз ажратилсагина қўшиламиз, деган эди! Бешта ўхшаш овоз сўровноманинг холислигига путур етказиши мумкинлиги хусусидаги ҳақли эътироздан сўнг, улар қатнашмасликни маъқул кўрган эдилар. Тўғри, қатнашмаслик ўзларига ҳавола, лекин...

Сўровномани юритувчи Олимхўжа Бўронов бошда унчалик қийналмади. Секин-аста бошқа нашрлар ҳам сустлаша бошлашди ва қатнашувчилар сони камая бошлагач, иш ҳам тўхтаб қолган эди. Албатта, бу ерда ташаббус бошида рақобатчи нашр тургани ҳам муҳим аҳамият турганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Буларни баён этишимдан мақсад, Федерация ўзи-бош қош бўлиб ана шу тизимни «тирилтириши» лозим. Федерация сўраб тургандан (керак бўлса, талаб қилгандан) сўнг барча нашрлар ўз вариантларини тақдим этишади, албатта. Бунинг учун йил бошида сўровномада қатнашишдан бош тортган таҳририятларга аккредитация беришни тўхтатиш керак, тамом-вассалом.

ИШТИРОКЧИЛАР

Энди янги тизимдаги танлов шартлари, унда қатнашувчилар қандай талабга жавоб бериши лозимлигини билдириб ўтсам.

Сўровда фақат лицензияга эга (!) бўлган спортга ихтисослашган радио-телевидение каналлари, кўрсатув ва эшиттиришлар, нашрлар, интернет сайтлари ва мустақил журналистлар гуруҳи, шунингдек, 14 клуб матбуот хизмати, ЎФФ ва ПФЛ матбуот хизматлари алоҳида иштирок этишади.

Битта муассис бир нечта нашрга эга бўлса муассис умумий 1 та вариант тақдим этади. Бу «Давр» ва «Ахборот» кўрсатувлари, «Спорт-ТВ» ва «Машъал» радиоканалига ҳам тааллуқли. Чунки уларнинг муассиси — МТРК ҳисобланади.

Босма нашрнинг интернет сайти бўлса, у ҳолда ҳам умумий 1 та овоз қабул қилинади. Чунки интернет-сайтни юритувчилар ҳам асосан ўша ходимлар эканлиги аниқ!

Клубларнинг матбуот хизматлари ҳар бири битта умумий вариант тақдим этишади ва ЎФФ матбуот хизматида натижалар умумлаштирилиб, «Клублар матбуот хизмати» номи остида умумий 1 та вариант ҳосил қилинади.

Давлат ахборот агентликлари, отахон нашрларда кўпи билан 1-2 нафардан спорт журналистлари меҳнат қилишади. Уларнинг ҳам иштирокини қадрлаш керак. Шу боис, «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози», «XXI аср» ва шу каби катта газеталардан келадиган вариантларни ҳам «Давлат нашрлари» номи остида умумлаштириш жоиз.

ЎзА, «Туркистон-Пресс», «Анадолу» АА, uzreport.com, gazeta.uz, uzdaily.com, olam.uz каби ахборот агентликларининг юборган вариантлари «Ахборот агентликлари» номи остида умумлаштирилади. Худди шунингдек, «мустақил журналист» сифатида тақдим этилган вариантлар ҳам қўшиб чиқилади ва ягона вариант умумлаштирилади.

ПФЛ ва ЎФФ матбуот хизмати, «Ўзбекистон футболи» журнали вариантлари ҳам умумлаштирилади.

Спортга оид бўлмаган ёхуд спорт хабарларини мутлақо ёритмайдиган таҳририятлар иштирокини чеклаш лозим.

ОВОЗЛАРНИ ҲИСОБЛАШ

Биринчи вариант. Ҳар ойда оммавий ахборот воситалари ўз таҳририятлари ходимлари ўртасида сўров ўтказишади ва натижаларни умумлаштириб, ўринлари билан тартибланган энг яхши БЕШ НАФАРдан футболчи ва мураббийларнинг ягона рўйхатини ЎФФ матбуот хизматига тақдим этишади. (Агар исташса, таҳририят доирасида ким кимга овоз берганини ўз нашри саҳифасида муттасил эълон қилиб боришсин. Мана шу ҳолатда сўровда ҳайдовчи қатнашадими, фаррошми, бошқасими, бунинг умумий натижага таъсири зиғирдан ҳам кичраяди).

Иккинчи вариантга кўра, ЎФФ расмий сайтидаги медиа-каналда овоз бериш учун қўшимча саҳифа ташкил этилса, янада яхши бўлар эди. Қоғозбозликдан кўра электрон кўринишда овоз бериш орқали бутун Республикани қамраб олиш мумкин.

Бунинг учун аввало журналистлар ва таҳририятлар базаси яратилади. ЎФФ матбуот хизмати почтасига таҳририятлар фамилиялар кўрсатилган хат билан мурожаат қилгач, регистрация дарчаси очилади. Регистрациядан ўтган, кимлиги текшириб кўрилган журналистлар маълум таҳририят ёки гуруҳга киритилиб, логин ва пароллар тақдим этилади. Овоз бериш саҳифаси белгиланган кунда актив бўлиб туради ва шу кунлар ичида берилган овозлар қабул қилинади. Овозларни ҳам дастур автоматик ҳисоблайдиган қилса бўлади. Ҳисоблашда юқорида қайд этилган гуруҳлар бўйича дастур овозларни умумлаштириб бераверади. Ҳеч қийин жойи йўқ. Ташқарида XXI аср ахир!

СОВРИНДОРЛАРНИ АНИҚЛАШ

ЎФФ матбуот хизмати (ёки дастур) ягоналаштирилган вариантлардаги натижаларни умумлаштиради. Энг кўп очко тўплаган футболчи ва мураббийга — 10 балл, 2-ўринни эгаллаганга — 8 балл, 3-ўринни эгаллаганга — 6 балл, 4-ўринни эгаллаганга — 4 балл, 5-ўринни эгаллаган футболчи ва мураббийга — 2 балл қўйиб борилади.

Сўровнома январь ойи учун бошланади ва сўнггиси ноябрь ойи учун, 1 йилда 11 марта ўтказилади. Январдан ташқари ҳар ойнинг 1 санасидан 5-санасигача овозлар қабул қилинади ва 6-санада Ойнинг энг яхши футболчиси ва мураббийи номи (шунингдек, 2—5-ўринлар эгаси) ЎФФ расмий сайтида эълон қилиб борилади.

Ноябрь ойи совриндорларини қабул қилиш 10 декабргача қилиб белгиланади ва йил якунларига кўра 11 ой мобайнида тузиб келинган жадваллар умумлаштирилади. Қарабсизки йил футболчиси ва мураббийи аниқ.

Янги тизимнинг «плюс»лари. Аввало, бу — бутунжаҳон практикаси. Кўплаб давлатларда (масалан, Англияда) ойнинг энг яхшилари аниқланиб борилишидан хабарингиз бор. Ҳаттоки МДҲ давлатлари доирасида «Звезда» сўрови ўтаётганидан ҳам бохабарсиз.

Йил давомида ўзини кўрсатган футболчи ва мураббий ҳақиқий эътирофга сабаб бўлади ва бу эътирофнинг йил якунига таъсири борлиги туфайли уларда қўшимча мотивация пайдо бўлади. Бунинг учун ЎФФ ҳар ой якунига кўра «Ойнинг энг яхши футболчиси» ва «Ойнинг энг яхши мураббийи» сўзлари туширилган арзимас эсдалик сов­ғаси топшириб қўйишса футболчилар ва мураббийлар буни қўшимча эътибор ўлароқ қабул қилишади.

Ҳозиргисидан фарқли ўлароқ, миллий чемпионатимиздаги жуда кўп футболчиларнинг ўйини кузатилади. Ҳеч ким эътибордан четда қолиб кетмайди. Ой ўйинчиси сўралганда ҳозиргидек кўр-кўрона Россия, Корея ёки БААдаги ўйинчиларга овоз бериб юборилмайди.

Ҳар қандай нохолисликнинг олди олинади. «Сунъий» овоз беришга қатъиян чек қўйилади. Қайсидир таҳририят шу ишни ўзига касб қилиб олган бўлса-да, бунинг умумий якунга таъсири унчалик катта бўлмайди.

Клублар матбуот хизматларининг овозлари умумийлаштирилиши — клубларда ишлаётган журналистларнинг сўровда қатнашиши — нохолисликдан дарак эканлиги борасидаги гап-сўзларга нуқта қўяди.

Шу йилги сўровномада мустақил журналист сифатида қатнашганлар ҳам кўп. Уларнинг ҳам овозлари умумийлаштирилиши — аввало уларни овоз беришга бўлган «муҳаббати»ни сўндиради, иккинчидан, номзодни сунъий кўтаришга бўлган рағбатни йўққа чиқаради.

Янги тизимнинг «минус»лари. Ўйлаб қаралса, бирорта ҳам ойда энг яхши бўлмаган футболчи йил якунига келиб энг кўп очко тўплаши ва «энг яхши футболчи», деб топилиши эҳтимоли мавжуд. Бунинг учун у ойлар давомида камида 2-3-ўринларда муттасил юриши керак бўлади. Бу эса унинг йил давомида барқарор ўйнаганидан дарак берадики, ЙИЛ ДАВОМИДА барқарор ўйнаган ўйинчи йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга ҳақли! Ахир Одил Аҳмедовнинг бу йилги ғалабаси шу билан тушунтирилмаяптими?!

Январь ойида ўзимизда ўйинлар деярли бўлмайди. Лекин клубларимиз, олимпия ёки миллий терма жамоаларимиз ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши мумкин. Шунингдек, араб давлатларида тўп сураётган футболчиларимиз миллий лигалар ва кубокларда расмий ўйинларда майдонга тушади. Россияда тўп сураётган футболчиларимиз ҳам ўртоқлик ўйинларида кўзга тушиши мумкин. Номзодлар январда кўпроқ ўшалар орасидан қидирилади. Майли-да, улар намунали ўйинчи бўлганлари сабабли ўша ёқларда ўйнаб юришибди. Ойнинг энг яхшиси бўла олиши ва йил бошидан очколар захирасига эга бўлиши уларнинг ўз меҳнати самараси сифатида қабул қилиниши керак.

Очколар жамланганда қай бир футболчиларнинг очкоси тенг келиб, ўрин талашиб қолишса, уларнинг урган голлари сонига қаралади. Голлар миқдори ҳам тенг бўлса огоҳлантиришлар сонига эътибор берилади. Агар бу борада ҳам тенглик юзага келса, уларнинг қай бири майдонда кўпроқ ҳаракат қилинганига диққат қилинади. Мабодо барча кўрсаткичлар тенг келиб қолса, даъво қилинаётган ўриндаги балл иккаласига ҳам берилади. (Масалан, 2-ўрин учун очколар тенг келиб қолса, ҳар бир номзодга 2-ўрин ва 8 тадан балл берилади ва 3-ўрин бекор қилинади).

Мана шу ҳолатда вариантлар йиғилса, спортга ихтисослашган газеталар 15 тача (вилоятдаги газеталарни ҳам жалб этиш лозим), интернет-сайтлар 4 тача, Радио-телевидение 5 тача, давлат нашрлари гуруҳи, ахборот агентликлари гуруҳи, ЎФФ ва ПФЛ матбуот хизмати, мустақил журналистлар гуруҳи, клублар матбуот хизмати гуруҳи, жами 25-30 тача вариант берилади. Бу эса ой футболчиси ва мураббийи, якунда йилнинг энг яхшиларини танлаб олиш учун етарли миқдор.

Хуллас, сўровномада «инсоний омил»ни йўққа чиқариб, фақат таҳририятлар номидан ва уюшган ҳолда овоз бериши йўлга қўйилиши билангина нохолисликнинг олди олиниши мумкин. Ана шунда «сих ҳам, кабоб ҳам куймайди». Ҳозирча бундан бошқа ечим кўринмаяпти.

Киритилган сана: 03.02.2012 09:15. Ўкилди: 7916 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


SHERYURAK
Сана: 04.02.2012 04:17. SHERYURAKга ёзиш
+0; -0
yahshi.azgina ishlov berish kerak menimha.MTRK,Axborot agentlariga kamida 3-4 variant berish kerak deb o`ylayman

Ушбу фикрга жавобан


TOTTI
Сана: 03.02.2012 22:41. TOTTIга ёзиш
+1; -0
GOLKIPER
Унака холат булиш эхтимоли кам булса-да, бор, лекин буп колганда хам дарвозабонга беравериш керак! Иккиланмасдан...

Ушбу фикрга жавобан


GOLKIPER
Сана: 03.02.2012 21:31. GOLKIPERга ёзиш
+1; -0
Жуда яхши таклиф.
Очколар жамланганда қай бир футболчиларнинг очкоси тенг келиб, ўрин талашиб қолишса, уларнинг урган голлари сонига қаралади.--машу жойида ,агар дарвозабон энг яхшиси булсачи, нимасига каралади...

Ушбу фикрга жавобан


ISHQIBOZ
Сана: 03.02.2012 18:10. ISHQIBOZга ёзиш
+0; -0
Бу таклифга келсак менимча яхши таклиф. Баъзи жиҳатларини янаям сайқалаштириш керак

Ушбу фикрга жавобан


ISHQIBOZ
Сана: 03.02.2012 18:06. ISHQIBOZга ёзиш
+1; -0
ONLINE
Бу архив дейдиган мақоламасда. 1-1.5 ой олдин "Стадион" газетада чиққан мақола. Мен бу мақолани хурсандчилик билан ўқишни бошладим, нимагадир Шурик эсимга тушди, яъни Нинани уйига 2 марта борадию ўшанақа. Кейин сал жаҳлим чиқиб, қизишганда ёзиб қолдирдим

Ушбу фикрга жавобан


ALKORBE
Сана: 03.02.2012 16:45. ALKORBEга ёзиш
+0; -0
Yaxshi fikrlar ammo bu takliflarni amalga oshirish hozirgi kunda fantastika bo'ladi

Ушбу фикрга жавобан


ONLINE
Сана: 03.02.2012 15:29. ONLINEга ёзиш
+3; -0
ISHQIBOZ
архивдан куйилганни архивдан деб ёзиб куйишаябдию, ёкмаса очмасдан утказворсаям булади. Ана твдаям битта кинони хар ой такрорлаб берсаям куриб ётибсизу. Балки укилмаганлари бордир, ёки долзарблиги тугри келса, зур маколалардан куйиб турилишига мен карши эмасман. Колаверса айни дамда макола ёзишга мавзу танкис пайт. Энди ёзиш кк экан деб, йук жойдан нимадир кидириб, мажбуран нимадир ёзишам блогни тулдиришга киради...
Бу гапларни тепадаги маколага дахли йук. Маколада жуда уринли фикрлар баён этилибди. Шундайин тайёр курсатма ана, лекин мен шуниям эпакага келтириб амалга оширилишига ишонолмайман. Огзига чайнаб солсаям ютолмайдиганлар бор, кандай ишлайди хайронман.

Ушбу фикрга жавобан


ISHQIBOZ
Сана: 03.02.2012 12:41. ISHQIBOZга ёзиш
+1; -0
Деярли бир ой олдин "Стадион" газетасида чиққан эди адашмасам. Қ.Аслановдан бошқа журналистларга мурожаатим:
Қачон архивдаги мақолаларинг тугайди ё мақсад блогни тўлдиришми. Агар блог тўлдириш бўлса, бунақа блог бўлгандан .......

Ушбу фикрга жавобан


PLANUS
Сана: 03.02.2012 10:26. PLANUSга ёзиш
+0; -0
мана энди тушуниб етяпман, нега икки кундан бери анов сайтда Одилни Барсага энг киммат нархда сотилди деган хабар осилиб турганини, шу даражада унинг учун жон койитишаётганини Одилнинг узи билармикин...

Ушбу фикрга жавобан


RAULMADRID
Сана: 03.02.2012 09:44. RAULMADRIDга ёзиш
+1; -0
зўр таклиф! лекин буниям галвалари куп. Тугриси, бутун бошли МТКР кандай килиб битта номзод курсатишлари мумкинлигига ишонолмайман. Дейлик, Давр Жепаров деса, Спорт канали Ахмедов дейди. Ахборот эса Аббоснинг тарафини олади. Карабсизки туппа тузик жанжал кеп чикади. Кейин бу ишга раис аралашиб, Игнатга овоз бермаганларни ишдан хайдайди ))

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.