Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив
30/03 01:00 Лилль - Ланс
30/03 01:00 Кадис - Гранада
30/03 16:30 Наполи - Аталанта
30/03 17:30 Ньюкасл - Вест Хэм
30/03 18:00 Хетафе - Севилья
30/03 19:00 Женоа - Фрозиноне
30/03 19:00 Торино - Монца
30/03 19:00 Андижон - Насаф
30/03 19:00 Пахтакор - Сўғдиёна
30/03 20:00 Ноттингем Форест - Кристал Пэлас
30/03 20:00 Шеффилд Юнайтед - Фулхэм
30/03 20:00 Тоттенхэм - Лутон
30/03 20:00 Борнмут - Эвертон
30/03 20:00 Челси - Бёрнли
30/03 20:15 Альмерия - Осасуна
30/03 21:00 Метц - Монако
30/03 22:00 Лацио - Ювентус
30/03 22:30 Астон Вилла - Вулверхэмптон
30/03 22:30 Валенсия - Мальорка

Бетакрор Паоло Мальдинининг бутсаларини михга илгани ва «Милан»нинг унга тегишли «3» рақамини муомаладан чиқарганига ҳам бир зумда 6 йил бўлибди. Футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири «Милан» клубидаги узоқ муддатли фаолияти давомида қўлга киритиши имкони бор деярли барча совринларга эга чиққани билан мақтана олади. Аниқроқ айтсак, Паоло ЧЛ|ЧКда нақ 5 марта ғолиб чиққан (илк марта - 1989 йили, охирги марта - 2007 йили), 16 йил ичида 7 марта скудетто соҳибига айланган, шунингдек, Италия кубоги ва Клублар ўртасидаги ЖЧда зафар қучган. «Милан» футболкасини илк марта 16 ёшида кийган ҳимоячи 41 ёшида нафақага чиқди. У шундан буён клуб рекордчисидир: 4та ўнлик давр ичида жаҳоннинг энг буюк жамоа­ларидан бири сафида ўтказган фақат олий даражадаги ўйинлари сони 902тага етган. Бу борада Паоло билан Райан Гиггз ва Хавьер Занеттигина рақобатлашишлари мумкин, холос. Яна бир томони, Мальдини Италия терма жамоасини нақ 74 марта сардор сифатида майдонга бошлаб тушган ҳамда 3та ЖЧ ва 4та Европа чемпионатида иштирок этиб, ҳар икки турнирда ғолиблик шарафига муяссар бўлган. У замонавий ҳимоячилар учун чинакам ўрнак намунасидир. Зеро, юқори тезлик ва алоҳида жисмоний кучга эга бўлмай туриб, шунчалик самарали ўйнаган. Чунки ўйинни яхши ўқий оларди ва тўп билан ишлашни қойиллатарди.

Паоло Мальдини, Франко Барези, Алессандро Костакурта ва Мауро Тасотти - бу тўртлик футбол тарихидаги энг кучли ҳимоя чизиғи ҳисобланади. Энг қизиғи, майдонда доимо етук ижодкорлик ва новаторлик хусусиятлари билан ажралиб туришган бу футболчилардан ҳеч бири мураббийлик йўлидан юргани йўқ. Ваҳоланки, уларнинг «Милан»даги клубдошлари - Марко ван Бастен, Рууд Гуллит, Франк Райкаард, Карло Анчелотти, Роберто Донадони, Кларенс Зеедорф ва Марко Симеоне янги соҳада ҳам озми-кўп ном қозонишди. Тўғри, Костакурта маълум муддат «В» сериясида «Монтова» билан иш юритди, аммо деярли ҳеч нарсага эришолмади. Тасотти эса Карло Анчелотти ва Массимилиано Аллегри даврида «Сан Сиро»да ассистент ролини бажарди. Лекин айни пайт ҳар иккиси мураббийлик цехидан анча йироқда. Мальдинига келсак, у ҳаттоки, бу соҳада ишлаш варианти устида ўйлаб ҳам кўрмаган. Паоло узоқ йиллар давомида отаси - Чезаредан кўп нарсалар ўрганди. Биласиз, катта Мальдини ҳам футболчи сифатида ном қозонган, кейинчалик 5та клуб ва миллий жамоани бошқарган. Хуллас, Паоло болалигиданоқ отаси изидан юриб, футбол масаласида муайян тушунча ҳосил қилиб улгурганди. Кейин эса нақ 25 йил давомида тўп сурди. Кўринишидан, футболдаги шунча вақтни етарли билди, шекилли. Эндиликда Паоло учун янги юмушларга вақт топилди: теннис, бокс, асосийси, оила...

- Бошидаёқ мураббийликка алоҳида хоҳишим йўқлигини сездим, - дейди Паоло.  - Зеро, отам мураббий эди ва доимий тарзда сафарларда бўларди. Қисқаси, биз оилада ҳеч бирга ўтиролмасдик. Қолаверса, футболдан дам олишни истадим. Қисқаси, ўзимни мураббий ролида тасаввур қилолмадим. «Милан» тизимига 10 ёшимда қўшилиб, 41 ёшимгача клубда қолдим. Ўйлайманки, бу футбол учун етарли вақт». Айтиш жоиз, Мальдини футболчилик фаолиятига нуқта қўйганидан бир неча ҳафта ўтиб, унга «Челси»дан қўнғироқ қилиб, Анчелоттига ассистент бўлишини таклиф этишганди. Бироқ Паоло бу чорлов устида жиддий бош қотиргани йўқ ва дарҳол рад жавобини берди. Эътиборлиси, шундан буён унга турли жойлардан таклиф юборишни канда қилишмаяпти. Айниқса, Форс кўрфази клублари итальянни фаоллик билан чақиришяпти. Бироқ собиқ ҳимоячи ҳар сафар бундай суҳбатларга мулойимлик билан хотима ясайди: «Раҳмат, бироқ йўқ». Чунончи, Мальдинида спортга боғлиқ қизиқишлар қатори яна бизнесга мойиллик ҳам сезилди: у янги тузилган «Майами» клубининг хўжайинларидан бирига айланди.

Паоло ҳозир 47 ёшда, сочлари оқара бошлади, тиззасидан олган жиддий жароҳати ҳам ўзини эслатиб туради. Яъни энди майдонда бинойидек тўп суролмайди. Аммо айтишича, оиласи даврасида футболдагидан кам завқ олмаётган экан.

- Ҳа, ўзимга яраша қизиқиш ва ишларим бор, лекин улар футболга дахлдор эмас. Эндиликда ўзим учун мустақил равишда кун тартиби тузиш имкониятига эгаман. Яъни ҳаётни бошқача ҳис эта бошладим, - кулади Мальдини. - Айни пайт асосан оилам даврасида вақт ўтказяпман. Ахир узоқ вақт оиламни эътиборсиз қолдириб, бу масалада қарздор бўлиб қолгандим. Шунингдек, теннис ўйнаш жону-дилим. Яна 3 йил бокс билан шуғулландим. Сизга айтсам, бу менга ёқиб қолди. Бокс - оғир, шунинг баробарида, ажойиб спорт тури. Машғулотлардан қандай завқ олганимни таърифлаб беролмайман.

Тўғри, ўғиллари  - 19 ёшли ҳимоя­чи Кристиан ва 14 ёшли ҳужумчи Даниэль унинг футболдан, хусусан, «Ми-лан»дан батамом узоқлашишига имкон беришмайди. Улардан бири вақти келиб, ҳозирча «музлатиб» қў­йилган «3» рақами ворисига айланса, ажабмас. Бунинг учун қайсидир бири асосий жамоага кирса, бас.

Табиийки, Паоло собиқ жамоасининг ҳозирги ҳолатига ҳам бефарқ эмас. Ахир «россонерлар» 2011 йили «А» сериясида 1-ўринни эгаллаган бўлсалар, ўтган мавсум 10-поғона билан кифояланишди  - сезиларли пасайиш.

- Ҳозир футболчиларга жуда оғир... Яқин орада вазиятнинг ижобий томонга ўзгариши даргумон. Эҳтимол, улар ҳозирда нима қилишни ҳам умуман тушунишмаётгандир. Паолонинг бу гапида жон бор. Ҳар­қалай, ҳозирги «Милан» 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошидаги олтин давр даражасидан анча йироқда. Ўша вақт Берлусконининг сармояси ва Арриго Сакки ҳамда Фабио Капеллонинг тактик билимдонликлари эвазига клуб 1988-1996 йиллар оралиғида нақ 5та скудетто ютганди. Боз устига, «А» серияси ўшанда жаҳондаги энг бой ва рақобатбардош лига ҳисобланарди. Футболчилар келиб-кетишарди, Мальдини эса ўз жойида мустаҳкам турарди. Гарчи кейинчалик «Милан»нинг ички аренадаги ишлари ортга кетган бўлсада, Паоло яна бир қатор ёрқин ғалабаларни тантана қилди - 2004 йилда Италия чемпиони бўлди, 2003 ва 2007 йилларда ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди. У айнан шу давр, яъни ўз дўсти Карло Анчелотти бошқарувидаги вақтларни алоҳида эслайди:

- Менга жамоадошлар ва клуб президенти масаласида омад кулиб боққан. Чунки «Милан» хўжайини барчасида энг яхши бўлиш йўлида пулни аямасди, футболчилар эса майдонда бор маҳоратларини ишга солишарди. Яна бир эътиборли томони шуки, менга кўплаб етук мураббийлар қўл остида ўйнаш насиб этди. Дейлик, Нильс Лидхольм футбол шунчаки, ўйин эканлиги ва ундан фақат завқ олиш зарурлигини теран тушунтирганди. Сакки эса янги даражага чиқишимга катта ёрдам берган. Капелло ва вақтида мен билан бирга ўйнаган Анчелотти ҳақида ҳам худди шундай фикр билдираман. Айниқса, Анчелотти билан барчаси ўта ажойиб кечганди. Ахир биз футболни бир хил тасаввур қилардик. У ажойиб йигит ва шундай мутахассис. Биз бирга ўйнаган пайт қалин дўст эдик, у мураббий бўлгач ҳам, муносабатларимиз заррача ўзгармади. Футболдаги охирги 7 йилни Карло билан бирга ўтказдим ва бу давр фаолия­тимдаги энг яхшисидир. Чунончи, барчаси иккимизга ҳам роҳат бағишларди: нафақат ўйинлар ёки ғалабалар, балки ҳар кунлик иш. Ҳа, ажойиб дамлар.

Мальдини яна «Милан»нинг ёш дарвозабони Жанлуижи Доннаруммага эътибор қаратди. Хабарингиз бўлса, «Милан» бош мураббийи Синиша Михайлович уни 16 ёшу 8 ойлик вақти, яъни октябрь ойида «Сассуоло»га қарши баҳсда майдонга туширди.

- Мен илк марта майдонга тушганимда нисбатан ёшроқ эдим, - кулади Паоло. - Яъни16 ёшу 7 ойлик вақтим дебют қилгандим. Умуман, Жанлуижи ҳақида у майдонга тушмасидан олдин кўп гапларни эшитгандим. Зеро, ўтган йили ҳамма фақат у ҳақда гапирди. Кўриниб турибдики, йигитча улкан иқтидорга эга. Биласиз, голкипернинг майдондаги роли мутлақо бошқача. Унга қийин. Лекин энг муҳими, Жанлуижи ҳозирча ўз вазифаси уддасидан чиқмоқда.

Мальдини ўз ютуқлари орасида биттасини алоҳида ажратиб кўрсатолмайди: на ЧК-89даги илк ғалабани, на 1994 йили «Барселона»ни 4:0 ҳисобида тор-мор этилганини (ўшанда Паоло ҳимояда Барези ва Костакуртасиз ҳам ажойиб тарзда ҳаракатланганди).

- Фаолиятим шуниси билан ажо­йибки, мен ЧЛда 5 марта ғолиб чиққанман ва 20 йил давомида нақ 8та финалда ўйнаганман. Бунга ишониш қийин, - дейди у.  - Ҳа, «Ми­лан»да тенгсиз таркиб бор эди. Яъни мен ўйнашни бошлаган пайтда ҳам, фаолиятимни якунлаган чоғда ҳам ажойиб йигитлар билан бирга тўп сурганман. Айнан шу нарса мени кўпроқ қувонтиради.

Мальдини яна бир Қатор масалалар хусусида

Галлиани ҳақида

- Агар «Милан» чўққига қайтишни хоҳласа, унга ғоялар ва сармоя керак. Яъни клуб футболни теран тушунадиган одамларга эҳтиёж сезмоқда. Айни пайт бундайлар кўринмаяпти, афсус. Галлиани  ажойиб раҳбар, аммо унда футболга дахлдор камчиликлари кўп. Дейлик, ўйинчилар ва уларнинг савияларини тўғри баҳолай олмайди. Демак, бу функцияни бошқа кишига топшириши керак.

«Милан»га нима етишмаётгани хусусида

- Мен ўйнаган пайт ажойиб таркиб бор эди, шунингдек, аниқ тузилган лойиҳа ҳам. Шунинг ҳисобига ғалабаларни нишонлаганмиз. Лекин эртанги кунга ишонч билан қараш учун аввало, одамларни жой-жойига қўйиш лозим. Шахсан менга кўп функцияли маъмур тизими асло ёқмаяпти.

«Унутилиш»

- Охирги йилларда Леонардо, Зеедорф, Аллегри ва ҳаттоки, Барбара Берлускони менга қўнғироқ қилиб, ишга чорлашди. Сильвио Берлускони эса «Милан»дан кетганим бўйича бирор марта алоқага чиқмади. Ваҳоланки, жамоада барча муҳим қарорларни айнан у қабул қилади.

Михайлович ҳақида

- «Милан»да ишлаш осон эмас. Ахир гап футбол тарихидаги энг совриндор клублардан бири ҳақида кетяпти. Миланелло, «Сан Сиро», «Милан» - буларнинг барчаси босим юклайди. Футболчилар ҳам, менежерлар ҳам бу босимни яққол ҳис этишади. Мураббийлик лавозимига дебютантларни таклиф этиш ғояси аввалги даврдаги каби омадли юриш ҳисобланмаса керак. Менимча, бу катта таваккалчилик. Ҳаттоки, Зеедорф чакки натижа кўрсатмаганини ҳисобга олсак ҳам, шундай. Тажриба керак. Яхшиямки, Михайловичда тажриба бор.

Келажаги хусусида

- Яқиндаги сайловлар арафасида мени ФИФАга чорлашди. Лекин бу ўта сиёсий ташкилот. Мен эса сиёсатга аралашмоқчи эмасман. Яқинда Инфантино ҳам мурожаат этиб, ёрдам беришимни сўради. У атрофига собиқ футболчиларни жамламоқчи, шекилли. Кўрамиз. Аммо шахсан мен ўзимни ҳеч қачон бундай ролларга таклиф этмаган бўлардим...

Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Ўкилди: 11499 марта.
Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.