Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив
30/03 01:00 Лилль - Ланс
30/03 01:00 Кадис - Гранада
30/03 16:30 Наполи - Аталанта
30/03 17:30 Ньюкасл - Вест Хэм
30/03 18:00 Хетафе - Севилья
30/03 19:00 Женоа - Фрозиноне
30/03 19:00 Торино - Монца
30/03 19:00 Андижон - Насаф
30/03 19:00 Пахтакор - Сўғдиёна
30/03 20:00 Ноттингем Форест - Кристал Пэлас
30/03 20:00 Шеффилд Юнайтед - Фулхэм
30/03 20:00 Тоттенхэм - Лутон
30/03 20:00 Борнмут - Эвертон
30/03 20:00 Челси - Бёрнли
30/03 20:15 Альмерия - Осасуна
30/03 21:00 Метц - Монако
30/03 22:00 Лацио - Ювентус
30/03 22:30 Астон Вилла - Вулверхэмптон
30/03 22:30 Валенсия - Мальорка

25 йилликнинг энг эсда қоларли 25 жамоаси

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболида ўтган 25 йилликда мухлислар қалбида муҳрланган жамоалар талайгина. Бугун биз ўз вақтида мамлакатимизнинг энг кучли клублари бўлган ушбу жамоаларни ёдга олиб ўтдик.

 1) СУҒДИЁНА. 92-94

80-йилларда республикамизнинг иккинчи жамоаси бўлган «Звезда»нинг вориси бўлмиш «Сўғдиёна» мустақиллик даврларидаги илк мавсумларда жуда кучли ўйин намойиш этганди.

Файзиев, Зиганшин, Муртазоев, Ералиев, Эсонбоев, Алиматов, Отажонов каби етакчилар билан «Суғдиёна» илк чемпионатда фақат қўш-чемпионлардан ортда қолди. Кейинги йилларда ҳам барқарор равишда кучли бешликдан жой олиб келганди.

2) ҚИЗИЛҚУМ. 2003

Украиналик мураббий Сергей Шевченко бошқарувидаги «Қизилқум» ўша мавсумни ўзгача руҳиятда ўтказганди. Пастки ўринлар, нари борса, ўртамиёналар сафида бўлган зарафшонликлар тартибли ва барқарор ўйин эвазига бутун мавсумни пешқадамлар сафида ўтказгандилар.

«Қизилқум» ўша йили ўз тарихида ягона бўлиб турган бронза медалигни қўлга киртиди. Жамоа ҳужумчиси Марсел Идаятуллин эса, мавсумнинг асосий кашфиётларидан бири бўлганди.

3)  ПАХТАКОР. 2014-15

Мавсум бошларида «Локомотив» ёки «Бунёдкор» каби жамоаларга қаршилик қилиши мушкулдек кўринган, асосан ёш футболчилардан ташкил топган «Пахтакор»нинг бу мавсумлардаги совринлари ўзгача қадрли бўлса керак.

Энг муҳими, жамоа чемпионликни айнан асосий рақибларга қарши ўйинда ҳал қилганди. «Локомотив»га қарши ўйинлардаги ажойиб голлар ва ғалабалар «Пахтакор»га навбатдаги чемпионликни олиб берди.

4) НАВРЎЗ. 1995

Андижоннинг «Наврўз» жамоаси 90-йилларда, айниқса ўз майдонидаги ўйинларда жуда хавфли рақиб саналган. Пешқадам клублар ҳам у ердан ғалаба билан қайтиш осонлик билан бўлмаслигини билиб турардилар.

Айнан 1995 йилги жамоа эсланаётганига сабаб, қаторасига 44 ўйинда мағлубиятга учрамай, ўзига хос мамлакат рекордини ўрнатган «Нефтчи» айнан Андижонда тўхтатилди. «Наврўз» водий дербисида қўшнилари дарвозасига жавобсиз икки гол уришнинг уддасидан чиққанди.

5) ТРАКТОР. 2004-2005

Тошкентдаги шинамгина ТТЗ стадиони доим ўзининг алоҳида муҳити билан ажралиб турарди. Айниқса ўз майдонидаги ўйинларда «Трактор» ҳар қандай рақибга қарши қийинчилик туғдира оларди. Равшан Ҳайдаров «Пахтакор»га кетгач, «Трактор»ни қийин мавсумлар кутаётгани тахмин қилинган бўлса-да, жамоа Вадим Абрамов қўл остида янада «очилди». Ҳасанов, Айзатулов, Соломин, Мўминжонов, Раҳимов каби футболчилар ёрдами «Трактор» 2004 ймҳилги кубок финалигача етиб борганди. Айниқса, доимо кучли саналган «Насаф» устидан қозонилган йирик ғалаба (4:0) узоқ вақтгача эслаб юрилган.

Кейинги мавсумда «Трактор» чемпионатда ҳам муносиб қатнашди ва ўз тарихидаги энг яхши кўрсаткич — 4-ўринни эгаллади.

6) НАСАФ. 2001

Сўнгги йилларнинг энг барқарор клубларидан бири бўлган «Насаф»ни турли йилларда турлича эслаш мумкин. Айниқса, янги аср бошларидаги жамоа хотирамизда алоҳида ўрин эгаллайди.

Қаршиликлар «Нефтчи»дан кейин илк бор халқаро турнир совриндори бўлишганди. «Дўстлик» ва «Нефтчи» клублари Осиё Чемпионлар кубогида ўйнашдан бош тортгач, юртимиз шаънини ҳимоя қилиш «Насаф»нинг чекига тушган ва илк бор бутун Ўзбекистон «Насаф»ни қўллаб қувватлаганди. БАА да ўтган сўнгги босқич ўйинларида ҳам муносиб ҳаракат қилган жамоа якунда кучли тўртликдан ўрин олганди.

Ўша йили «Насаф» мамлакат кубоги финалигача борди, аммо «Пахтакор»га ютқазиб қўйди.

7) ТЕМИРЙЎЛЧИ. 1992

Кейинчалик турли жамоаларда чемпион бўлган Абдуллаев, Раҳмонқулов, Қурбонов, Ни, Атоян, каби футболчиларнинг илк юришлари Қўқондан бошланганди. Баҳром Ҳакимов қўл остида жамоа Ўзбекистон илк чемпионатида кучли олтиликдан жой олдилар. рустам Абдуллаев тўпурарлар баҳсида Валерий Кечинов билан рақобат қилди.

Асосийси, жамоа илк маротаба ташкил қилинган Ўзбекистон кубогининг финалида ўйнади.

8) НАСАФ. 2011

Ҳозирчага, клубларимиз ичида Осиё миқёсидаги халқаро турнирда ғолиб чиқа олган ягона жамоа  «Насаф»дир.

ОФК кубогида зафарли юриш қилган Анатолий Демьяненко шогирдлари Қаршида бўлиб ўтган финал ўйинида ҳам чиройли ўйин намойиш қилиб, бутун Ўзбекистонга қувонч олиб келгандилар. Қувайт чемпиони «Ал Қувайт» 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Жамоанинг легионер ҳужумчиси Иван Бошкович эса, турнирда 10 та гол уриб, тўпурарлар баҳсида биринчи ўринни олганди.

9) СУРХОН. 1994

Ўзбек футболига кўплаб талантларни берган Сурхондарёдан жамоанинг олий лигага чиқиши мухлислар тарафидан хурсандчилик билан кутиб олинганди.

«Сурхон»нинг илк ўйини Тошкентда, «Пахтакор»га қарши кечгани ҳам кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда термизликлар драматик ўтган ўйинни 1:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилгандилар. Бутун ўйин давомида ҳужум қилган мезбонлар рақибнинг мардона ўйини эвазига ҳеч нарса қила олмагандилар.

10) ПАХТАКОР. 2008

«Бунёдкор»га катта пуллар келиб, Жепаров, Кападзе каби маҳаллий юлдузлар, Ривалдо, Вильянуэва каби легионерлар тўп сура бошлагач, осонлик билан чемпион бўлиши керак эди. Аммо мана шу «Пахтакор» туфайли биз ўша йилларда ҳам курашларга бой дербиларга, чемпионатда ўзига хос интригаларга гувоҳ бўлдик.

Бунинг учун биз ўша жамоа етакчиси Одил Аҳмедовга ҳам, Илҳом Суюнов, Александр Гейнрих, ака-ука Тожиевлар, Миладинович ва Маркович каби легионерларга раҳмат айтиб, уларни эслаб юришимиз керак.

11) ЯНГИЕР. 1994

Шонли тарихга эга бўлган «Янгиер» олий лигамизда у қадар кўзга ташланмаган. Энг яхши кўрсаткичи ҳам атиги 10-ўриндир. Аммо «Янгиер» деганда, ярқ этиб, 1994 йилдаги Ўзбекистон кубоги ярим финалидаги «Пахтакор» билан ўйинлар келади.

Давлетов, Ярашев, Шамсиев, Нурматов, Тарасенко, Абдиев каби футболчилардан ташкил топган «Янгиер» ўша йили мамлакат кубоги финалигача етиб борган. Ҳатто кубок финалчиси сифатида Осиё кубок эгалари кубогида ҳам иштирок этиб, чорак финалгача чиққанди.

12) НАСАФ. 1997

«Насаф»нинг туғилиши ўша йилларга тўғри келади. Биринчи лига ўртамиёнаси бўлган «Динамо Насаф» жамоаси маъмурий асос билан олий лигага, вилоятнинг бошқа бир жамоаси Муборакнинг «Машъал»и ўрнига чиқарилди. «Машъал» эса биринчи лигага тушириб юборилди.

Ўша мавсумдан Қашқадарё футболида ўсиш бошланди. «Насаф» эса, мавсумда кучли олтиликдан жой олди. Бутун Ўзбекистон Рўзиқул Бердиев деган футболчини яхшилаб таниб олди.

13) ХОРАЗМ. 2008

«Хоразм» узоқ танаффусдан кейин ўзгача кайфият билан олий лигага қайтганди. Жамоа ҳатто биринчи давра охирларигача пешқадамлар сафида юрди. Айниқса, Урганчдаги Олимпия ўйингоҳи ўзгача файзга кирган, олий лигадаги энг кўп томошабин жалб қилган маскан бўлиб олганди.  Ўша пайтда Германияда «Хоффенхайм» клуби ҳам бундеслигадаги илк мавсумида пешқадамлар сафида юрган, бир журналистимиз «Хоразм»ни ўша клубга ўхшатиб мақола ҳам ёзганди.

Афсуски, «Хоразм»нинг натижалари ички низолар, молиявий муаммолар туфайли пасайиб кетди.

14) НУРАФШОН. 1995

Кўпчилик ўша жамоа мавсум охирида чемпион бўлиши керак эди, деб ҳисоблайди. «Нурафшон» ажойиб спорт формасига кириб олди ва қаторасига ўйинларда ғалаба қозониб, якка пешқадам «Нефтчи»га анча яқинлашиб қолганди. Аммо Янгиердаги ўша жанжалли воқеа, унинг кетидан жамоанинг мавсум ўйинларидан четлаттирилиб, қолган ўйинларга техник мағлубият ёзилгани…

Қизиғи, охирги 13 ўйинида 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзилган «Нурафшон» мавсумни 6-ўринда якунлаганди.

15) ПАХТАКОР. 2003

 

Юртимиздаги кўпгина футбол юлдузлари «Пахтакор»га йиғилиб, жамоа термамизнинг базавий клубига айлантирилгач, миллий чемпионатимиздаги интрига йўқолди. Бошқа клублар «Пахтакор»га қаршилик қила олмай қолдилар.

Аммо бошқа тарафдан «Пахтакор»нинг халқаро майдондаги ютуқлари ўша зарарни қайсидир маънода «суғурталай олди». Осиё чемпионлар кубоги доирасидаги Тошкентдаги ўйинларда «Пахтакор» стадионига одам сиғмай кетганди.

16) МҲСК. 1997

Армиячилар мавсумдаги дастлабки 17 ўйинни фақат ғалаба билан якунлагандилар. Бу ҳозирчага чемпионатимизда рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Ҳасанов, Усмонхўжаев, Қурбонов, Раҳмонқулов, Қамбаралиев ва бошқа футболчилар тўп сурган МҲСК ўша йили тенгсиз эди.

Афсуски, яна бир рекорд ҳам ушбу клубга тегишли. Кейинги йили жамоа тарқаб кетди ва олий лигада ярим хаваскор футболчилар билан тўп суриб, атиги 12 очко тўплади. Бу ҳам ўзига хос рекорд — ҳеч қайси чемпион кейинги мавсумни бу қадар ёмон ўтказмаган.

17) ПОЛИТОТДЕЛ. 1995

Кейинроқ мамлакат чемпионига айланган «Дўстлик» клубининг аввалги номи. Ёши катта футбол мухлислари айнан «Политотдел» номи билан ўйнаган пайтларни ҳам яхши эслашади. Зеро асосан ёш футболчиларга таянган бу жамоа ҳужумкор, чиройли ўйинлари билан ҳамманинг ёдида қолганди.

Шацких, Винников, Ирисметов, Винтовкин, Дилмуҳамедов каби ёш футболчилар кейинчалик бошқа кучлироқ жамоаларда ҳам ўзларини ҳар томонлама намойиш қила олишди.

18) НЕФТЧИ. 2007

 

Ўша йили фарғоналиклар мавсумни атиги 3-ўринда якунлагандилар. Ўша пайтдаги «Нефтчи» учун бу оддий ҳолат, ундан яхшироқ мавсумлар ҳам кўп бўлгани рост.

Аммо узоқ вақтдан бери «Пахтакор» гигемонлиги остида ўтаётган чемпионатимиздаги ажойиб старт барчанинг эътиборини жалб қилганди.

«Нефтчи» мавсумни қаторасига 13 ўйинда ғалаба билан бошлади. Агар бунга Осиё чемпионлар кубоги гуруҳ босқичидаги 3 ғалабани ҳам қўшсак…

Айниқса Акмал Холматовнинг ажойиб зарбалари барчанинг тилига тушганди. Аммо «Нефтчи» иккинчи даврани кўнгилдагидек ўтказа олмади.

19) ДЎСТЛИК. 1999-2000

Юқорида эслаб ўтилган МҲСК жамоаси билан таркиб жиҳатидан ҳам, қисмат жиҳатидан ҳам жуда ўхшаш.

Қаторасига икки марта мамлакат чемпиони бўлган, 2000 йилда кубок финалида «Самарқанд» устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Жамоа ҳужумчиси Жафар Ирисметов бир мавсумда 45 гол уриб, бу борадаги рекорд соҳиби ҳисобланади.

20) ПАХТАКОР. 1998

Ўз тарихида биринчи марта «Пахтакор» олий лигада якка ҳолда ғолиб чиқди. Дастлабки чемпионлик «Нефтчи» билан бўлишиб олинганидан хабарингиз бор.

«Пахтакор» нафақат чемпион бўлди, балки ҳужумкорлик, чиройли ўйин бобида ҳам тенгсиз эдилар. Айниқса Тошкентдаги ўйинлар ўзига хос шоуга айланиб кетар, аксарият ҳолларда йирик ҳисоблар қайд этиларди.

Миржалол Қосимов ва Игорь Шквирин 22 тадан гол билан чемпионат тўпурари бўлдилар. Ширшов, Абдураимов, Акопянц, Назаров каби футболчиларнинг ўйинлари барчани ўзига ром қилганди.

21) ДИНАМО. 1999-2000

 

Бу жамоани самарқандлик мухлислар ўзгача энтикиш билан эслайдилар. Агар сал омад ва барқарорлик бўлганида, «Динамо» мамлакат чемпиони ҳам бўлиши мумкин эди. Муҳаммадиев, Гамбаров, Тиллаев, Бозоров, Шариповлар ва бошқа тажрибали футболчилар билан «Динамо» мавсум охиригача «Дўстлик» билан рақобатлаша олганди.

Фақат сўнгги турлардаги омадсизликлар натижасида «Динамо» бир қанча очколарни бой берган ва ҳатто совринли ўринлардан қуруқ қолганди. Аммо шундай бўлса-да, «Динамо» ўша йилларнинг энг ҳужумкор ва юлдузли жамоаси бўлиб ёдда қолаверади.

 22) ПАХТАКОР-79. 1992

1992 йилда илк чемпионатимиз ташкил қилинганда, бир йил олдин «Умид» номи билан иккинчи лигада қатнашиб юрган жамоа «Пахтакор 79» деб ўзгартирилди.

Энг эътиборли томони, бу жамоа таркибида, ўша машъум ҳалокатда бизни тарк этган футбол юлдузларимизнинг фарзандлари ҳам тўп сура бошлагандилар. Айнан шу туфайли бу жамоа мухлисига айланган, ёш футболчиларнинг кўзларида оталари нигоҳини қидириб, уларга порлоқ келажак тилаган мухлислар оз эмасди.

23) БУНЁДКОР. 2009

Бу жамоада Ривалдо тўп сурган. Сколари бош мураббий эди. Менимча, шунинг ўзи кифоя қилса керак.

«Бунёдкор» Осиёда кутилган натижани кўрсата олмаган бўлса-да, бразилиялик юлдуз юртимизда биринчи рақамли футбол одами бўлганди. У иштирок этган ўйинлар стадионларни тўлдилар, мухлисларни футболга қайтарганди.

24) НЕФТЧИ. 1994

Назаримда, истиқлолдан кейин футболимиз тарихидаги энг кучли клуб. Жамоа мавсумни мағлубиятсиз ўтказди. Осиё чемпионлар кубогида ярим финалгача бориб, совриндорга айланди. Москвада ташкиллаштирилган анъанавий МДҲ кубоги финалига чиқди. Мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби бўлди. Бир қатор аъзолари терма жамоа сафида Хиросимага бориб, чемпионга айландилар.

Лебедев, Осмонов, Завалнюк, Тихонов, Бозоров, ака-ука Дўрмоновлар, Федоров, Атоян…

25) БУХОРО. 2016

Бухоролик мухлислар ушбу мавсум ўша машҳур «Нурафшон»ни эсга олган бўлсалар, не ажаб. Ўтган йили биринчи даврани сўнгги ўринда якунлаб, мавсум охиригача лигадаги ўрин учун курашган бухороликларни таниб бўлмай қолди. Жамоа айниқса, ўз майдонидаги ўйинларни кўтаринки руҳда ўтказди.

«Бухоро» деярли охирги турларгача «Насаф» билан совринли ўрин учун курашди. Маҳаллий стадион эса, мавсум якунларига кўра, мухлислар ташрифи бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринни эгаллади. «Нурафшон», қайтяпсанми?

26) ЛОКОМОТИВ-2017?

Аслини олганда, тарихида илк бор чемпион бўлган «темирйўлчилар»ни алоҳида эслашга арзигулик жиҳатини топиш қийин. Жамоа таркибида ҳаракат қилаётган аксарият футболчилар бизга бошқа клублардаги фаолиятлари орқали яхши таниш. Бугунги «Локо» нари борса эски «Бунёдкор»ни эслатар, балки.

Аммо умид қиламизки, янги йилда жамоа олдинга яна бир қадам ташлайди ва халқаро майдонда ҳам узоқ кутилган муваффақиятларни олиб келади. Шундагина, менимча, «Локомотив» ҳам ўзбек футболи тарихига муҳрланади. Ҳозирча эса, жамоани чемпионлик билан табриклаб турамиз.

Қаҳрамон АСЛАНОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 21:45, 16.01.2017.
Ўқилди: 13548 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.