Кириш Регистрация
24/04 00:00 Арсенал 5-0 Челси
24/04 12:00 Тожикистон 2-1 Афғонистон
24/04 14:00 Эрон 6-1 Қирғизистон
24/04 16:00 Таиланд 3-2 Ироқ
24/04 19:00 Ўзбекистон 2-1 Вьетнам
24/04 22:00 Лорьян 1-4 ПСЖ
24/04 23:45 Вулверхэмптон 0-1 Борнмут
25/04 00:00 Кристал Пэлас 2-0 Ньюкасл
25/04 00:00 Ман. Юнайтед 4-2 Шеффилд Юнайтед
25/04 00:00 Эвертон 2-0 Ливерпуль
25/04 00:00 Монако 1-0 Лилль
25/04 00:00 Марсель 2-2 Ницца
25/04 19:00 Қатар - Япония
25/04 22:30 Жанубий Корея - Индонезия
26/04 00:00 Брайтон - Манчестер Сити
26/04 19:00 Ўзбекистон - Саудия Арабистони
26/04 22:30 Ироқ - Вьетнам
26/04 23:45 Фрозиноне - Салернитана
27/04 00:00 Монпелье - Нант
27/04 00:00 Реал Сосьедад - Реал Мадрид

Пешонангдан айланай!

Баҳо:
+1 | -

Шунчалар ҳам оғир ўйин бўладими а? Лондон билан бугуноқ хайрлашишимизга 17 дақиқа ёки бир неча сантиметрлар қолди-я!

Хавотирларимиз бежиз эмаскан. Йўқ, рақиб кучли бўлгани учун эмас. Сурия бизнинг савиямиздаги жамоа эмас. Ҳамма гап ўзимизда эди, “душман” ичимизда эди. БАА билан ўйин “захми” орадан икки ҳафта ўтса-да, ҳамон тарқалиб улгурмапти. Футболчиларимиз шу қадар руҳан тушкунликка тушиб қолишибдики, унинг таъсири бутун ўйин давомида яққол сезилиб турди. Айтинг, Сурия олимпиячилари гол урган вазиятда Мустафоев ва Тўхтахўжаевнинг тўпга югурмаслигини яна нима билан асослаш мумкин? Футболчиларимиз яккакурашларда яққол ютқаза бошлашди. Ҳеч бир футболчимизнинг кўзида учқун, танасида шиддат кўринмади. Яхшигина руҳшунос ҳисобланган Абрамов ҳам йигитларимизни ўйинга руҳлантира олмапти. Қандай қилиб руҳлантирсин ахир, унинг ўзи ҳам руҳий мададга муҳтож бўлиб турган бўлса?

Биласизми, Уммон ва Сурия олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳисоб энг сўнгги дақиқада тенглашганидан кейин, бу ҳисоб Ўзбекистон фойдаси учун бўлгандек тасаввур уйғонганди менда. Боиси, рақибларимиз 2 очкодан маҳрум бўлишганди. Иккинчи томондан рақибларимизнинг дуранги шу томонлама биз учун ўта қалтис эдики, Сурия билан ўйинда мағлубиятга учрайдиган бўлсак, Лондон у ёқда турсин, Ковентри билан ҳам хайрлашардик.

Ҳаммамиз ҳам мухлисмиз. Терма жамоаларимиз ҳақига тинмай дуо қиламиз. Бу плей-офф ўйини шундай ўйин тоифасига кирадики, унда қандайдир тактикалар ишлаб чиққан, ажойиб комбинациялар уюштирган жамоа эмас, кўпроқ ғалабани истаган ва бунинг учун ҳаракат қилган жамоа ютади. Биз дуо қилдик, аммо футболчиларимиз биринчи бўлимда шунга яраша ҳаракат қилдиларми? Йўқ. Ватандошларимиз иккинчи бўлимда озгина ҳаракат қилишганди, 2та вазиятда 2та гол урдик.

Урган голларимизга эътибор беринг. Биринчи голни ён чизиқдан урдик! Бу омаднинг ўзгинаси. Ўтказиб юборилган голдан кейин Суриянинг йўқотадиган нарсаси қолмаганди. Натижада улар катта куч билан олдинга ташланишди ва ҳимояда бўш зоналарни юзага келтиришди. Олег Зотеевнинг зарбаси ҳам дарвоза устунига тегиб, дарвозага кирди. “Олмалиқ” футболчисининг зарбаси сал ноаниқ бўлганида тўп дарвозага кирмаслиги ҳам мумкин эди-ку! Сурия олимпия терма жамоасининг 10-рақамли футболчиси бўш қолган дарвозага яна минг марта тепса, минг марта гол уради. Аммо бугун эмас.

Нима демоқчиман? 14 март куни “Жар”да БААни мағлуб этиш тақдиримизга қанчалик ёзилмаган бўлса, бугун ғалаба қозониш шунчалик пешонамизга ёзилган эди.

Ўзбек футболидаги вазият бир текис эмас. Унда турли қинғирликлар бор. Аммо футболимизнинг ривожи учун қилинаётган ишлар, мухлисларимизнинг фидокорона қўллаб-қувватлашлари — бугуноқ Лондон билан хайрлашишимизга йўл қўймади. Агар Сурияга ютқазганимизда борми... Очиғи, оқибатини ўйлашга ҳам қўрқаман. Футбол мавсуми энди бошланган бўлса-да, йилни шу куннинг ўзидаёқ якунлаб қўя қолармидик...

Руҳий жихатдан тикланиб олдик. Энди яна бир ҳаракат қилсак, Уммонни ҳам ортда қолдирамиз. Уммон олимпиячилари билан ўйинда бизни дуранг қаноатлантирса ҳам, ишончим комил, биз бу жамоани мағлуб эта оламиз. Энди бизни ҳеч ким тўхтата олмайди!

Олимхўжа БЎРОНОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:30, 27.03.2012.
Ўқилди: 10451 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.